Orbita . U Z

Ilm-fan fazosi uzra

  • Shrift o'lchamini kattalashtirish
  • Odatiy shrift o'lchami
  • Shrift o'lchamini kichiklashtirish
Bosh sahifa Muallif & blog ... Жамиятда илм тарғиботи

Жамиятда илм тарғиботи

Maqola Reytingi: / 3
Juda yomon!A'lo! 

Жамиятда илм тарғиботи

Мен ҳаётда қатъий ишонч билан яшайдиган маслак шуки, айнан илм-фан инсоният цивилизациясини етаклаб борадиган кучдир. Тарихнинг қайсидир босқичида муайян цивилизация ўз замонасининг энг илғори бўлган бўлса, бунга ҳеч бир истисносиз равишда фақат ва фақат илм-фан борасида бошқаларда илғор бўлганлиги эвазига эришган. Аксинча, қайсидир тамаддун ўз нуфузини йўқотиб, оқибатда бошқаларга мутеъ бўлиб, инқирозга юз тутган бўлса, у ҳам ўша жамиятда илдиз отган илмсизликдан ва жоҳиллик оқибатидан шундай аҳволга тушган. Зеро, Беруний ҳазрат айтганидек, илмга рағбат йўқ жойда жоҳилликка мойиллик пайдо бўлади.

Фикримча, биз ўзбеклар орзу қилган келажак равнақ ва тараққиёт ҳам, ёки турли фитна-фасодлардан нажот ҳам фақат илмдан келади. Буюк аллома бобомиз ҳазрат Имом Бухорийдан келтириладиган иқтибосда ҳам «Дунёда илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай» – дейилади.

Шунга кўра, ярим финал имкониятидан фойдаланиб, жамиятимизда илмни янада кенгроқ ёйиш борасидаги анчадан буён дилимда тугиб келаётган фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Маслакдош ҳамфикрларни ва илм-фанни халқ орасида ёйишдек эзгу ишни қўллаб қувватлашга тайёр меценатларни топиш нияти ҳам йўқ эмас...

Хўш, илмни янада кенгроқ ёйиш деганда нимани назарда тутяпман ўзи? Хорижда “Popular Science”, русларда эса “Популярная наука” дейилгувчи бу нарса - илмий тушунчалар ҳақида тушунарсиз терминологиядан ҳоли равишда, мураккаб формулаларсиз, халқчил содда тилда, яъни, оммабоп тарзда баён қилишни назарда тутади. Илмни жамиятда кенг ёйиш орқали ундаги зиёли қатлам салмоғининг ортишига эришилади. Натижада биз шунчаки саводли жамият эмас, балки зиёли жамият барпо этамиз. Биз орзу қилган кучли фуқаролик жамияти - зиёлилар қатламининг потенциали устига барпо этилса яхшироқ бўлади албатта. Жамиятда илм-фанни оммалаштириш айниқса ундаги ёшлар қатлами учун ўта муҳимдир. Чунки, айнан ҳозирги ёшларнинг интеллектуал даражаси бутун бошли жамиятнинг яқин ва узоқ келажагини белгилаб беради. Боз устига, қонун устуворлигини англайдиган, ўз мустақил фикрига эга бўлган,  онгли равишда, сидқидилдан халққа холис хизмат қиладиган комил шахсни шакллантиришда ҳам, ўсмир ва ёшларга илм-маърифатни сингдиришга асосланган тарбия яхшироқ самара беради. Фикримча, бу усул ҳар қандай бошқа усуллардан кўра, айтайлик тадбирбозликка асосланган тарғибот кампанияларидан ва нуқул теологик таълимотга асосланган тарбиядан кўра самаралироқ бўлган бўлур эди.

Илмни жамиятда кенг ёйилишидан кимлар манфаатдор бўлади?

Албатта биринчи навбатда жамият ва фуқароларнинг ўзи. Инсонга табиатан хос бўлган – борлиқни англаш ва замондан орқада қолмаслик сингари фундаментал эҳтиёж учун ҳозирги замонда саводли бўлишнинг ўзи етарли эмас. Шу сабабли, ҳар бир одам учун албатта замонавий илмдан бохабарлик зарур (ҳеч бўлмаса «назарий минимум» даражасида);

Иккинчидан, одамлар орасида илмнинг ёйилишидан бизнес ва саноат ҳам кучли манфаатдор. Чунки, юқори малакали кадрлар масаласи бизнеснинг ва ишлаб чиқаришнинг равнақини ёки касод бўлишини ҳал қилади;

Учинчидан, олимлар, яъни академик элита манфаатдор. Улар учун, ўзларига янги давомчи шогирдларнинг узлуксиз етишиб келиши, ҳамда, умуман, илмнинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини асослаш муҳимдир.

Лўнда қилиб айтганда, жамият орасида илмни имкон қадар кенг ёйиш – ҳеч ким ютқазмайдиган ва натижаси истисносиз равишда фақат ижобий бўладиган ҳаракат бўлур эди. Шу нуқтаи назардан, жамиятда илмни ёйишга киритиладиган сармоя, бутун келажакка тикилган сармоя бўлади десак тўғри бўлади.

Таассуфки, айни пайтда бизнинг жамиятимизда илмни кенг ёйиш амалиёти деярли эътибордан четда қолган. Шу боис, кейинги сатрларда бироз пессимистик мулоҳазалар келтираман.

Кузатишимча, ҳозирда бизда айрим энтузиастларни ҳисобга олмаганда, жамиятда илм тарғиботи фаолияти билан деярли ҳеч ким шуғулланмаяпти. Телевидениеда ва матбуотда онда-сонда бериб қолинадиган илмий дастурларнинг кўлами, айтайлик спорт дастурлари ва кўнгилочар-мусиқий дастурлар, айниқса, тузи паст ашиллалардан иборат бемаъни шоу дастурлар кўлами билан таққослаб бўлмас даражада ғариб. Бор илмий дастурлар ҳам фақат фрагментар характер касб этади; яъни, уларда ҳеч қандай изчиллик ва узвийлик йўқ...

Хўш, дўппини бир четга қўйиб мулоҳаза қилиб кўрсак. Бизнинг жамиятимизда илмни кенг ёйилиши йўлида учраётган асосий муаммолар нимада бўлиши мумкин?

Биринчидан: Ўйлашимча, энг биринчи муаммо - жамиятда илмни ёйишдан, яъни жамият аъзоларининг максимал илмли бўлишидан энг катта манфаатдор кишилар – академик элитанинг ушбу йўналишга, яъни “Popular Science”га иккинчи даражали юмуш деб қарашидир. Албатта, Фанлар Академияси аъзоси бўлган, ёки бошқа турли даражадаги олимларнинг энг биринчи галда эътибор қаратадиган, марказий асосий тадқиқот муаммоси бўлади. Улар ўша ишдан чалғишни исташмаса керак. Шунга қарамай, жамиятни замонавий илм-фаннинг илғор тенденциялари билан таништириб борадиган, бошқача айтганда, илм-фан ютуқлари ҳақида халқни «биринчи қўл» принципида бохабар қилиши керак бўлган шахслар айнан олимларнинг ўзи бўлиши керак. Айнан шу нарса, илмий тушунчаларнинг нотўғри талқин қилинишидан ва турли мифлар (миянинг атиги 10% ишлаши каби) тарқалишидан жамиятни иҳота қилган бўларди. Таассуфки, бизда ҳанузгача Айзек Азимов, Капица, ёки, Жим ал-Халили сингари хам олим, ҳам илмий популяризатор бўлган шахс ярқ этиб кўзга ташланмади. Мен медиа-магнат бўлмиш “BBC-Science”нинг илмий муаллифлар жамоасига чексиз ҳавас қиламан. У ерда Брайан Кокс, Маркус дю Сотой, Жим ал-Халили сингари, ўз соҳасида замонавий илм-фаннинг энг етакчи олимларидан иборат бутун бошли популяризатор-муаллифлар плеядаси шаклланган. “BBC-Science” бериб бораётган илмий-оммабоп дастурлари сифати ҳам шунга муносиб. Афсуски, бизда бирор бир махсус илмий телеканал тугул, шахсан олимлар юритадиган муаллифлик дастурлари ҳам, ҳатто ҳеч бўлмаса, бирор ўзбекча илмий Youtube канали ҳам йўқ (ёки мен кўрмаганманми?).

Иккинчидан: Ўзи олим бўлмасада, лекин илмни яхши тушунадиган, илм-фаннинг илғор қаноти билан ҳамнафас ижод қилувчи; олимлар ва фуқаролар орасида кўприк бўла оладиган махоратли илмий журналистларимиз ҳам йўқ. Очиғи, ўзини «санъаткор» деб атайдиган ашиллачи ва артистларни ТВ ва матбуотга олиб чиқиб, уларни «санъатга илк қадамлари»дан бошлаб сўроққа тутадиган «журналист»лар бош-бошдоқлигида, «санъат» тушунчасини том маънода сийқасини чиқариб бўлишди. Шу туфайли оддий халқ кўчада бирор заҳматкаш олимни кўрса танимаслиги 99% га аниқ, лекин, олачипор иштони билан хар куни ТВ тўрини бўшатмай келаётган бачкана артисни аниқ танийди. Шу сабабли ҳам, оддий халқ тасаввуридаги миллат элитаси бу – олимлар ва зиёлилар эмас, балки артистлар бўлиб қолган.

Боз устига, шу чоққача бизнинг ОАВда ҳақиқий олимни ва унинг илмий ишларининг моҳиятини элга кўрсатиб бера оладиган яққол дастур ёки лойиҳа бўлган эмас... Мавжудлари эса асосан юқорида айтилган «National Geographic», Horizon, BBC-Science ва шунга ўхшаш хорижий илмий ТВ-брендлардан олинган илмий-оммабоп филмларни бирмунча нўноқ таржима билан, узуқ-юлуқ намойиш қилиш билан банд.

Учинчидан: Илмий-оммабоп китоблар ёзувчи муаллифларимиз ҳам деярли йўқ. Эътибор беринг, илмий-фантастика эмас, айнан илмий-оммабоп асарлар керак бизга. Мактаб дарсликлари илм-фанни бироз зерикарли ва лекин, муайян қатъий изчиллик билан ёритади. Ҳар ҳолда, мактаб дарсликларида ўсмир ёшдаги бола психологиясидан келиб чиқувчи муайян қолип мавжуд бўлади ва ундан четга чиқилмайди. Бироқ, жамиятнинг бошқа қатламлари, масалан, китобхон уй бекалари учун илмий мавзуларни халқона, осон маиший тилда тушунарли қилиб ёритиб берадиган ўзбекча китоблар кам.

Тўртинчидан: Илм-фанни жамият орасида кенг тарғиб қилиш ва ёйиш билан мақсадли шуғулланувчи махсус ташкилотларимиз йўқ. Аслида юқорида қайд қилинган ҳамма муаммоларнинг сабаби ҳам шу бўлиши мумкин. Чунки, илмни кенг тарқатиш учун тайёр потенциалга эга олимлар ва зиёлиларни бошини бирлаштириш, ишларни режали ва самарали ташкиллаш учун ҳеч бўлмаса битта уюшма, энг яхшиси эса, кучли ҳуқуқий ва молиявий фундаментга эга махсус Фонд керак бўлади...

Ўйлашимча, ишни энг аввало илм-фанни ОАВда кенг тарғиб қилишдан бошлаш керак (ҳеч бўлмаса ижтимоий реклама тарзида). Бошланишига мавжуд телеканаллар негизида махсус соатлар ташкил қилинса ҳам бўлади. Лекин, “Ilmiy” номли миллий ТВ-бренд ташкил қилиш энг яхши ечим бўлган бўлар эди. Бу каналда турли интерактив илмий тажрибалар, олимлар билан интервьюлар, қизиқарли илмий-оммабоп фильмларнинг мунтазам намойиши йўлга қўйилса, менича, рейтинги нуқул мусиқа қўядиган, ёки нуқул кино кўрсатадиган ихтисослашган каналлардан кам бўлмайди.

Қолаверса, замонавий дунёдан ортда қолмаган ҳолда, аҳоли орасида катта қизиқиш уйғота оладиган хорижий муаллифларнинг бестселлер илмий-оммабоп асарларини таржима қилиш ва нашр этиш муҳим. Башарти, бу борада ҳали-бери ўзбек муаллифлари томонидан ёзилган миллий асарлар йўқ ҳисоби экан, ҳозирда жаҳон даражасида оммалашган жуда кўп номдаги илмий-оммабоп асарларни ўзбек тилига ўгириб нашр қилиш билан бу муаммони ҳал қилса бўлади (бунга ўзим имкон қадар ҳаракат қилиб келмоқдаман). Ҳозирги давр жаҳон миқёсида машхурликка эришган илмий-оммабоп асарлардан, муаллифлар Айзек Азимов, Стивен Хокинг, Мичио Каку, Клиффорд Пиковер, Илья Леенсон китобларини, ёки бренд нашриётлар томонидан чиқарилган махсус илмий-оммабоп китоб серияларини (“Математика олами”, “Буюк илмлар”, “30 сония ичида”, “Буюк назариялар” сингари) ўзбек тилига таржима қилинса - бошланишига кенг илмий тарғибот учун яхшигина замин бўла олади.

Қолаверса, илмни ёйишда юқорида санаб ўтилган анъанавий тарғибот усулларидан – ОАВ потенциалидангина фойдаланиб қолмасдан, одамларни эътиборини торта оладиган бошқа йўллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Хусусан, интерактив илмий музейлар, мунтазам даврий илмий фестиваллар, турли хил илмий квестлар уюштириш ҳам яхши самара беради.

Лекин албатта, шунча ишларни тўғри ташкиллаш учун эса бизга албатта бирор-бир махсус ташкилот зарур бўлади. Менинг тасаввуримдаги идеал ҳолатда бу ташкилот НТТ кўринишида бўлиб, у ўша биза айтган “Ilmiy” телеканалини тасарруф қилиши, олимлар ва аҳоли ўртасида турли учрашувлар ташкил қилиши, илмий-оммабоп китобларнинг нашр этилишига кўмаклашиши керак. Унинг қошида ўз нашриёти ҳам бўлса нур устига аъло нур бўлади. Қолаверса, илмий популяризаторларни қўллаб-қувватлаш ҳам ушбу фонднинг тўғридан-тўғри вазифасига кириши керак. Бундай фондлар ривожланган мамлакатларда аллақачон фаолият кўрсатмоқда. Масалан, АҚШда “Илм-фан тараққиётига кўмаклашиш ассоциацияси”, Россияда “Династия” фонди сингарилар мавжуд. Уларнинг фаолиятини ўрганиш, тажрибаларини ўзлаштириш орқали, Ўзбекистонда оммавий илм-фан тарғиботини юритувчи бирор миллий ташкилот тузилса аъло иш бўлган бўлур эди.

Шунингдек, бизда олимларнинг ва илм-фаннинг обрўсини янада орттирадиган бошқа таъсирчан чораларни кўришимиз керак. Олимларнинг ўзи учун, яъни илмий-оммабоп соҳа учун эмас, айнан академик илм учун аталган ҳам бирмунча мулоҳаза ва таклифларим бор. Улар ҳақида эса насиб қилса кейинги босқичда.

П.С. Саралаш босқичида ҳакамлардан бир  танбеҳ берганидек, гапни лўнда қилишни билмайман. Чўзилиб кетган бўлса узр...


Bizni ijtimoiy tarmoqlarda ham kuzatib boring:

Feysbukda: https://www.facebook.com/Orbita.Uz/

Tvitterda: @OrbitaUz

Google+ : https://plus.google.com/104225891102513041205/posts/

Telegramdagi kanalimiz: https://telegram.me/OrbitaUz

Yangilаndi: 30.05.2018 09:16  
Maqola yoqdimi? Do'stlaringizga ham tavsiya qiling:

Bildirilgan fikrlar   

 
0 #1 Javob: Жамиятда илмни ёйиш масаласиmuxlis 2018-06-15 18:11
Yana bir narsa anig'rog'i iltimos imkon darajasida Kvant fizikasi kvant texnologiyalari to'g'risida iloji boricha ko'proq maqolalar hox tarjimasi hox boshqa narsa ko'rroq yozishizi iltimos qilardik
Iqtibos
 

Mulohaza bildiring:


Mahfiy kod
Yangilash

Banner

Birliklar Konvertori

Birlik / Kattalik turini tanlang:
Qiymatni kiriting:

Natijaviy qiymat:

© Orbita.uz

Orbita.Uz tavsiya etadi:

Foydali havolalar:
Ilmiy-lugat.uz
Ilmiy-lugat.uz - Ilmiy terminlarning o‘zbekcha-ruscha-inglizcha lug‘ati, qisqacha izohi va amalda qo‘llanishi
ekodunyo.uz
O‘simliklar va hayvonlarning onlayn ensiklopediyasi
Oshxona.Uz
O'zbek Milliy Taomlari haqidagi ajoyib veb-sayt.
imlo.insof.uz
Lotin va kirill alifbolaridagi matnlarni o'zaro o'girish uchun mo'ljallangan, onlayn va offlayn ishlaydigan ajoyib lug'at.
Лотин ва кирилл алифболаридаги матнларни ўзаро ўгириш учун мўлжалланган, онлайн ва оффлайн ишлайдиган ажойиб луғат.
http://tafsilot.uz/
tafsilot.uz - axborot-tahliliy sayt.

Kontent statistikasi

Foydalanuvchilar soni : 368
Kiritilgan mаqolalar soni : 792
O'qilgan sahifalar soni : 3292769

Tafakkur durdonalari

Xitoydan bo'lsa ham ilm o'rganinglar.

Hadis