Orbita . U Z

Ilm-fan fazosi uzra

  • Shrift o'lchamini kattalashtirish
  • Odatiy shrift o'lchami
  • Shrift o'lchamini kichiklashtirish
Bosh sahifa Maqolalar Tabiat qonunlari Mikroblarning antibiotiklarga bardoshliligi - Микробларнинг антибиотикларга бардошлилиги

Mikroblarning antibiotiklarga bardoshliligi - Микробларнинг антибиотикларга бардошлилиги

E-mail Chop etish
Maqola Reytingi: / 1
Juda yomon!A'lo! 
Maqola mundarijasi
Mikroblarning antibiotiklarga bardoshliligi
Мақолани кирилл алифбосида ўқинг
Hamma sahifa

Микробларнинг антибиотикларга бардошлилиги

Микроорганизмларнинг популяциясида (алоҳида бир аъзосида эмас) вақт ўтиши билан муайян кимёвий моддаларга, хусусан, антибиотикларга ва пестицидларга қарши чидамлилик шаклланиши мумкин.

Албатта, антибиотик дориларга нисбатан чидамли бўлган ва дори таъсир қилмайдиган микроблар ҳақидаги ваҳимали гаплар баъзан қулоққа чалиниб туради. Бу тўғрисида тиббиёт соҳаси мутахассислари яхшироқ билишади албатта. Айрим беморларда даволаш жараёнида фойдаланилган муайян бир антибиотикни бошқасига, яъни, янада кучлироғига алмаштиришга тўғри келганлиги турган гап. Микроорганизмлар популяциясида дори препаратларига нисбатан бундай чидамлилик шаклланиши ҳодисаси, баъзи ҳиссиётга берилувчан журналист ва ёзувчилар айтганидек, «она табиатнинг одамзотдан ўч олиши» эмас, балки, табиий эволюция қонуниятларининг амалдаги ифодаси холос.

Популяциянинг алоҳида бир аъзолари орасида фарқ ва тафовутларнинг мавжуд бўлиши эволюциянинг энг асосий тамойилларидан бири саналади. Ўзбекона ибора бўлмиш «беш қўл баробар эмас» дегани айнан шу ўринда илмий асосда намоён бўлади. Ҳозирги кун генетика фанига яхши маълумки, популяциянинг аъзоларининг ўзаро тафовутга эга бўлишлиги аслида ҳар бир турнинг генетик даражасида кодланган бўлар экан. Боз устига, биокимёвий нуқтаи назардан олганда, ҳар қандай популяциянинг авлодлар давомийлиги аслида муайян кимёвий-молекуляр шакл алмашинишлар кетма-кетлигидан иборат жараёндир. Антибиотикнинг таъсир механизми эса, муайян микроорганизм турининг ҳаёти учун фавқулодда муҳим бўлган бирор кимёвий реакцияни секинлаштириш ёки, уни буткул тўхтатиб қўйишга асосланади. Натижада, антибиотик таъсирига тушган микроб популяцияси ҳалок бўлиши керак. Масалан, пенициллин бактерияларнинг янги ҳужайра қобиқларини шаклланишида иштирок этувчи молекулаларни реакцияга киришишдан тўхтатиб қўяди. Натижада, микробларнинг танасини ташкил қилувчи ҳужайралари қобиқсиз қолади ва нобуд бўлади. Қўпол ўхшатиш билан айтиш мумкинки, пенициллиннинг микробларга таъсирини, худди, калит учига сақич ёпиштирилганига таққослаш мумкин. Тасаввур қилинг, шундай калит эшикдаги тешикка кира олмай, аксинча, калит тешигида ёпишиб қолади ва натижада эшикни очолмайдиган қилиб қўяди. Пенициллин одам ва ҳайвонларга таъсир қилмаслигининг оддий сабаби шундаки, бизнинг ҳужайраларимизнинг ташқи қопламаси, яъни, қобиғи, микроорганизмларнинг ҳужайра қобиғидан мутлақо фарқ қилади.

Микроорганизмларнинг муайян популяциясида оз сонда бўлса ҳам шундай тузилишга эга аъзолар бўладики, уларнинг молекуляр тузилиши ва шакли, бемор танасига юборилган антибиотикларнинг таъсир механизмига мос келмайди. Натижада, антибиотик билан даволаш курсидан сўнг айнан ўша оз сондаги бактериялар яшаб қолади. Улар даставвал оз сонда бўлгани сабабли, янги касалликлар қўзғатишга қодир бўлмайди. Лекин, мазкур оз сонли аъзолари билан яшаб қолган популяция яшашда ва кўпайишда давом этади. Бир неча авлод давомидан кейин, ўша популяцияда табиий танлаш қонуниятлари асосида антибиотиклар таъсирига бетаъсир бўлган аъзолар сони кўпчиликни ташкил қила бошлайди. Охир-оқибатда, ушбу популяциянинг айнан бир антибиотикка нисбатан таъсирланмайдиган бутун бошли янги авлоди шаклланади. Микроблар шу тариқа эволюцияланиб, янгидан-янги тур воситасида одамзотга ва хусусан, илм-фанга қарши чиқаверарди.

Яна бир бора таъкидлаб ўтиш жоизки, микроорганизмларнинг муайян аниқ бир антибиотик турига нисбатан чидамлилик эффекти уларнинг фақат бир неча авлоди алмашишидан кейингина юзага чиқади. Бунинг учун эса муайян вақт кетади. Боз устига, алоҳида олинган бир дона бактерия бир ўзи антибиотикка нисбатан мустақил иммунитет шакллантира олмайди. Чунки, ҳар қандай организмнинг молекула шакли генетик даражада олдиндан белгиланади ва унинг ҳаёти давомида шакл ўзгаришларига учрамайди.

Микробларнинг антибиотикларга нисбатан чидамлилигини ўрганишга оид классик экспериментни 1952-йилда АҚШлик генетик олимлар Жошуа ва Эстер Ледерберглар ўтказишган. Бунда, аввалига Петри чашкаларидаги оддий озуқавий муҳитда муайян бактериялар колонияси ўстирилган. Кейин эса, колонияни қисмларга ажратиб, озуқа муҳитига пенициллин қўшилган шароитдаги бошқа чашкаларга кўчирилган. Шунда, колонияларнинг аксарият қисми янги муҳитда пенициллин мавжудлиги сабабли, қирилиб кетган. Лекин, муайян жуда оз сонли колониялар барибир яшаб қолган. Кейин эса, бу шунчаки тасодиф эмаслигини исботлаш учун, олимлар пенициллинсиз озуқа муҳитида ўстирилган энг биринчи - бошланғич колониядан намуна олиб, ўша яшаб қолган колония ёнига кўчириб ўтқазишган. Натижада, яшаб қолган ва антибиотик таъсирига учрамаган колония олдида, гарчи аввал бундай таъсирга учрамаган бўлсада, янги қўшилган аъзолар ҳам барқарор яшаб кетган. Кейинги кузатишлар эса шуни кўрсатдики, энди бу колония шунчаки яшаб қолишдан ташқари, унинг кейинги авлоди пенициллинли муҳитда бемалол ўсиб, ривожлана бошлаган. Ушбу тажриба, микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги механизми аслида табиий танлаш қонуниятига асосланганини кўрсатиб берди.

Қизиғи шундаки, муайян популяциянинг ўзига қарши бўлган зараркунандаси ёки кушандасига қарши чидамлилиги эффекти фақат микроорганизмларда эмас, балки, юксак организмларда ҳам кузатилади. Масалан, ҳашоратлар вақт ўтиши билан пестицидларга нисбатан, ўсимликлар эса гербитсидларга нисбатан бардошли бўлиб қолади. Бу ўринда ҳам, таъсирга бетаъсирлашиш механизми микроорганизмлардаги сингари кечади. Яъни, популяциянинг муайян алоҳида бир аъзолари танасида пестицид ёки, гербитсид таъсирига бетаъсир кимёвий ўзгаришлар мавжуд бўлади ва популяциянинг айнан ўша қисми яшаб қолади. Масалан, бу кимёвий ўзгариш ҳашорат ёки ўсимлик танасидаги қандайдир ноёб бир молекула бўлиб, у пестицид ёки гербитсид молекуласини нейтраллаб қўйиши мумкин. Ёки, ўша ҳашорат ёки, ўсимлик танасида махсус бир кимёвий модда шаклланиб, пестицид ёки гербитсид молекуласини танага тушиши билан, ҳали унинг таъсири бошланмасидан аввали, уни ҳужайралардан дарҳол яна қайта чиқариб ташлаши мумкин. Натижада, табиий танлаш асосида, популяциянинг шундай хусусиятларга эга бўлган аъзолари яшаб қолади ва кейинги авлод улардан тарқалади. Улардан тарқаган кейинги авлод эса, энди ушбу фойдали хоссага тўлиқ эга бўлади ва эндиликда мазкур тур ўзига қарши зараркунандаларга чидамли бўлиб қолади.

Шуниси ажабланарлики, табиий танлаш ва эволюция ҳақидаги илмий таълимот, антибиотиклар кашф этилиши ва улардан микробларга қарши курашда фойдаланиш бошланишидан анча аввал пайдо бўлган эди. Яъни, олимлар ҳар қандай популяцияда, шу жумладан, микроорганизмларда ҳам табиий танлаш қонунлари амал қилишини аввалдан билишган. Лекин, антибиотик қўллаганда микроорганизмларда шундай чидамлилик эффекти юзага келишини олимлар аввалдан инобатга олишлари, ёки, ҳеч бўлмаганда, ушбу фактни тахмин қилишлари керак эди. Лекин, нима учундир бундай бўлмади. Микробларнинг антибиотикларга бардошлилиги эффекти бир неча беморларда амалда кўзга ташланмагунча, бу жараён ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Аслида ушбу ҳолат, антибиотиклар ва бошқа кимёвий препаратларнинг фойдали эффекти етарлича эмаслигини эмас, аксинча, инсон табиатининг мукаммал хилқат эмаслигини кўрсатади. Лекин, шу билан бирга, микробларнинг дори антибиотикларга нисбатан чидамли бўлиб қолиши, эндиликда антибиотикларнинг инсониятга келтирган улкан нафига ҳа соя солмаслиги керак. Ўз вақтида, пенициллин ва бошқа антибиотикларни қўллаш туфайли, беморларнинг тезроқ оёққа туриши, бутун бошли армияларнинг аскарлари тезроқ сафга қайтиши таъминланган. Умуман олганда, II-жаҳон урушидан кейинги давра одамзот популяциясининг деярли икки баробар ортиши ва сайёрамизда ўртача умр давомийлиги 47,7 ёшдан 71 ёшгача узайиши, айнан антибиотик дорилар ёрдамида кўплаб касалликларни енгганимиз сабабидандир. Микроб ва бактерияларнинг эндиликда аллақачон шаклланиб қолган чидамлилиги эса, уларнинг курашда ҳали бери биздан бўш келмаслигини билдиради. Яъни, уларни шунчаки битта уруш билан енгиб бўлмайдиган армия деб тасаввур қилиш тўғри бўлади. Буни яна бир қўпол ўхшатиш билан ифодалаш мумкин: микроблар ва одамзотнинг уларга қарши антибиотик қуроллар билан қарши кураши, худди сиёсий қутбларнинг қуролланиш ва бири-бирига нисбатан таҳдид қилиш пойгасига ўхшайди. Қуролланиш пойгасида ҳам тарафларнинг бири муайян кучли қурол ихтиро қилиб, вақтинчалик ташаббус ва гегемонликка эга бўлади. Иккинчи тараф эса унга қарши, унданда кучли қурол тайёрлайди. Кейин биринчи тараф янада кучлироқ қурол ўйлаб топади. Нариги тараф эса ундан ҳам баттарини ишлаб чиқади ва ҳо казо. Статистикага кўра, сўнгги 3500 йил тарих мобайнида одамзот фақат 230 йил ҳеч қандай урушларсиз, тинч тотув яшаган экан. Ибтидоий одамлар даврида шунчаки тош ва суяк қуроллар билан бошланган қуролланиш пойгаси, кейинчалик ўқ-ёй, милтиқ, артиллерия ва мана ниҳоят қирғинбарот ядровий қуролларгача етиб келганидан хулоса қилсак, бизнинг қуролланиш борасидаги аҳмоқона дунёқарашимизга она табиатнинг ўзи бас келмаса, одамзотнинг ўзи қуролланиш пойгасини ҳеч қачон онгли равишда тўхтатмайдиган кўринади. Тахминимча, микроблар билан жангимиз ҳам худди шундай: улар ҳеч қачон таслим бўлмайди ва уларга қарши кураш ҳеч қачон тўхтамайди. Микробларни бутунлай мағлуб қилиш имконсиз. Чунки, микроорганизмларнинг эволюцион потенциалини биз аниқ била олмаймиз. Микроблар билан жангда энг асосийси шуки, бизнинг уларга қарши қўядиган технологияларимиз уларнинг эволюцион потенциалидан имкон қадар олдинга ўзиб кетиши керак. Бу эса бизга касалликларни назоратда тутиш ва улардан узоқроқ юриш имконини беради. Ғалаба учун шуни ўзи ҳам кифоя қилиши мумкин...


Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

Фейсбукда: https://www.facebook.com/Orbita.Uz/

Твиттерда: @OrbitaUz

Google+ : https://plus.google.com/104225891102513041205/posts/

Телеграмдаги каналимиз: https://telegram.me/OrbitaUz



Yangilаndi: 06.11.2017 08:00  
Maqola yoqdimi? Do'stlaringizga ham tavsiya qiling:

Mulohaza bildiring:


Mahfiy kod
Yangilash

Banner

Orbita.Uz infotekasi

Milliy bayramlarimiz

Yaqin kunlardagi rasmiy bayramlar, kasb bayramlari, muhim tarixiy va xalqaro sanalar.

26 - Iyun - Iyd al-Fitr - Ramazon hayiti Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)


1 - Sentyabr - Mustaqillik kuni. (Dam olish kuni)


2 - Sentyabr - Iyd al-Adho - Qurbon Hayiti . (Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)

O'zbekiston shaharlari ob-havo ma'lumotlari

Orbita.Uz do'stlari:

Ziyo istagan qalblar uchun:

O'zbek tilidagi eng katta elektron kutubxona!

​Ўзбекча va o'zbekcha o'zaro transkripsiya!
O'zbekcha va ўзбекча ўзаро транскрипция!

Bizning statistika


Orbital latifalar :) :)

Massaning saqlanish qonuni



Tafakkur durdonalari

Dunyoda ilmdan o'zga najot yo'q va bo'lmagay! (Imom Buxoriy)