Orbita . U Z

Ilm-fan fazosi uzra

  • Shrift o'lchamini kattalashtirish
  • Odatiy shrift o'lchami
  • Shrift o'lchamini kichiklashtirish
Bosh sahifa Maqolalar Qiziqarli kimyo Temir – mustahkam element. - Темир - мустаҳкам элемент

Temir – mustahkam element. - Темир - мустаҳкам элемент

E-mail Chop etish
Maqola Reytingi: / 0
Juda yomon!A'lo! 
Maqola mundarijasi
Temir – mustahkam element.
Мақолани кирилл алифбосида ўқинг
Hamma sahifa


Темир - мустаҳкам элемент

Жаҳон мумтоз адабиётининг энг қадимий намуналаридан бири Гомернинг «Илиада» достони саналади. Ушбу достон тахминан эрамиздан аввалги 800 йилда ёзилган бўлиб, тахминан эрамиздан аввалги 1000 йил атрофида бўлиб ўтган Троя қалъаси қамали ҳақида ҳикоя қилади. Афсоналарга кўра, ўша қамал 10 йил давом этган эмиш.

Достонда нақл қилинишича, ўша жангларда қатнашган жангчиларда қурол-аслаҳа, ўқ-ёй ва совутлар бронзадан ясалган бўлган.

Одамзот рудаларни қайта ишлаб металл олишни ўрганиб олгандан кейинги ишлаб чиқариш йўлга қўйилган энг биринчи қаттиқ ва пишиқ металл бу – бронза бўлган. Бронза ўзи соф металл эмас, балки, мис ва қалай металларининг қотишмасидир. Тарихда бронза металли энг кенг қўлланган даврни бронза даври дейилади.

Даврий жадвалдаги 26-рақамли элемент – темир ҳам одамларга жуда қадимдан маълум. Темирдан ясалган буюмлар эрамиздан аввалги 4000-йилликка тегишли Миср сағаналаридан ҳам топилган. Лекин, у пайтларда темир яримқимматбаҳо металл саналган. Масалан, яна ўша «Илиада» достонида қайд этилган спорт мусобақаларида ғолиб атлетга темир медаль мукофот қилиб берилгани қайд этилади. Эрамиздан аввалги 1500-йилгача бўлган даврларда одамлар темирни қандай қилиб кўп миқдорларда олишни ва ундан буюмлар ва қурол-яроқ тайёрлашни била олишмаган.

Темирни соф ҳолда ажратиб олишни ва ундан қурол-яроғ, ҳамда бошқа буюмлар тайёрлашни ўзлаштирган илк халқ бу Кичик Осиё (ҳозирги Туркия) ҳудудида яшаган хеттлар бўлишган. Хеттлар темирдан ясалган ўқ-ёй ва бошқа қуроллар, шунингдек, дубулға, қалқон ва совут билан қуролланиб жанг майдонида пайдо бўлишганда, уларга рўбарў келган душманлар қандайдир «махфий қурол»га дуч келдик деб ўйлашган. Бронзадан ясалган ханжар ва ойболталар темир дубулға олдида ожиз қоларди. Уларнинг тиғи қайрилиб, дами ўтмаслашиб қоларди. Темир ойболта, ўқ-ёй ва ханжарнинг тиғи эса бронза қалқон ва совутни қийинчиликсиз тешиб ўтиб кетар ва душманга мислсиз талафот етказарди. Яъни, темир бронзадан кўра сезиларли даражада қаттиқ ва пишиқ бўлиб чиққан.

Темирни олишни ва унга ишлов беришни ўзлаштириш асносида, қадимги халқлар бирин кетин бронзадан воз кечиб темир маданиятига ўта бошлашди. Шу тариқа, тарихда бронза даври тугаб, темир даври кириб келди. Эрамиздан аввалги 600-йил атрофида кўҳна дунёнинг деярли барча мамлакатлари қўшинлари истисносиз равишда темир қурол-яроққа ўтишган.

Ҳозирда темир металлар ичида энг арзонларидан бири саналади. Темирнинг айрим маркаларининг бир килограмми атига 10 цент туради. Темир – ер қобиғида энг кўп тарқалган металлардан бири бўлиб, фақат алюминийгина ундан кўпроқ тарқалган. Темирнинг ер қобиғидаги умумий улуши 5% атрофида баҳоланади. Темирни шунчалик кенг тарқалганлиги ва уни турли бирикмалардан ва рудалардан ажратиб олиш осонлиги сабабли, унинг нархи шундай арзон ҳисобланади.

Ер қобиғининг қуйи қатламларида, ичкарилаб, чуқурлашиб борган сари руда таркибидаги темир миқдори ҳам ортиб бораверади. Ер сайёраси ядросининг 8000 км диаметрга эга марказий қисми ҳам эриган чўғ ҳолатидаги темирдан иборат деб тахмин қилинади. Умуман олганда, сайёрамиз вазнинг 40% яқин қисмини айнан темир ташкил қилади.

Темир шунингдек Ерга очиқ коинотдан ҳам мунтазам келиб тушади. Чунки, Қуёш тизими ичида дайдиб юрган катта-кичик метеоритлар ва астероидларнинг асосий массасини ҳам айнан темир моддаси ташкил қилади. Хабарингиз бор, бундай метеоритлар ҳар куни миллионлаб сонда Ер атмосферасига кириб келади ва сайёрамизнинг турли минтақаларига қулайди. Уларнинг баъзилари оддий тош катталигида бўлса, баъзилари тарвуздек бўлади. Ер сиртига етиб келган ва олимлар томонидан топиб ўрганилган метеоритларнинг таркибида 90% қисми темир экани статистикадан маълум (қолган 10% қисми асосан силикатлардан иборат бўлади). «Илиада» достонида ва бошқа халқларнинг афсоналарида ҳам «осмондан тушган» темирдан ясалган ва шу сабабли ҳам «илоҳий куч»га эга бўлган шамширлар ҳақида сўз кетган жойлар мавжуд. Табиийки, ўша темирнинг «осмондан тушган»лиги ҳечам ажабланарли эмас. Чунки, метеоритлар Ерга ўша замонларда ҳам албатта ҳар куни тушиб турган.

Темир – тирик организмлар учун ҳаёт учун энг зарурий элементлардан биридир. Иссиққонли организмларда, шу жумладан одам организмида темир моддаси қоннинг энг муҳим қисмларидан бири саналади. Аслида қоннинг ранги қизил бўлишининг асосий сабабчиси ҳам айнан темир элементидир. Ўпкаларда кислородни олиб бутун тана бўйлаб тарқатадиган қон элементини гемоглобин дейилади. Гемоглобин молекуласи тўрт атом темир элементидан ташкил топган бўлади ва айнан ўша атомлар ўзига кислородни бириктириб, организм бўйлаб ташиб манзилга етказади. Ўртача қоматли одам организмида тахминан 3 кг гача темир элементи мавжуд бўлади. Организмида темир моддаси етишмаётган одам хорғин ва сўлғин юз ифодаси билан ажралиб туради. У тез чарчайдиган ва толиқувчан бўлиб қолади. Темир етишмаслиги ҳолати тиббиётда анемия дейилади ва у жиддий касаллик саналади. Анемияни ортга сурмай, дарҳол даволашга киришиш лозим.

Анемияни даволашнинг усулларидан бири – беморни таркибида темирнинг оддий бирикмаларига бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ёки, препаратлар билан рационал озиқлантиришдир.

Саноат учун темир олишнинг энг муҳим манбаси бу темир рудаси бўлиб, кончилари тилида темир рудасини гематит дейилади. Гематит – темирнинг кислородMars sayyorasining qizil rangi ham undagi temirning ko‘pligidan deb hisoblanadi
билан бирикмаси, яъни, темир оксиди бўлиб, унинг молекуласида иккита темир атомига учта кислород атоми бириккан ҳолда бўлади. Гематитга бой тупроқ ва рудалар одатда қизил рангда бўлади. Олимларнинг фикрича, Марс сайёрасининг қизил ранги ҳам, унинг сиртидаги тупроқнинг гематитга тўйинганлиги сабабидан бўлиши мумкин экан. Гематит рудасининг турларидан бир бўлган қизил охра моддасини рассомлар қизил пигмент сифатида ишлатишади. Шунингдек, ушбу модданинг кукун кўринишини шиша ишлаб чиқаришда сайқаллаш хом ашёси сифатида қўлланилади. Айниқса, юқори шаффофликка эга оптик линзалар ва тиниқ кўзгулар ишлаб чиқаришда қизил охра кукуни сайқаллаш босқичининг асосий ўринини эгаллайди.

Темир рудасининг яна бир тури магнетит деб номланади. Магнетит молекуласида уч атом темир ва тўрт атом кислород мавжуд бўлади. Бундан ташқари, темир рудаларида албатта доимо катта миқдорда турли силикатлар ва бошқа аралашмалар йўлдош бўлади.

Одамлар темирни соф ҳолда ажратиб олишларини ўрганишларига энг катта тўсқинлик қилган нарса ҳам айнан шу силикатлар бўлган. Шунингдек, кислороддан қутилишни ўрганиш ҳам осон бўлмаган. Темирни соф металл ҳолида олиш учун рудани кокс ва оҳактош билан биргаликда домна печи воситасида қиздириш орқали ажратишни ўрганиб олишгачгина, аждодларимиз темирдан истаган нарсани тайёрлай оладиган замонга қадам қўйишган.

Домна печларида эритиб олинган темирни қуйма чўян дейилади. Чунки, бундай темир кейинчалик алоҳида ҳолда яна эритилади ва қолипга қуйилиб, керакли шаклга келтирилади.

Қуйма чўян таркибида кўп миқдорда бошқа аралашмалар ҳам мавжуд бўлади. Аралашмалар ичида асосийси – углерод бўлиб, у чўянга коксдан ўтади. Қуйма чўян таркибида 2% дан 4,5% гача углерод бўлиши мумкин. Шунингдек, қуйма чўянда 2,5% атрофида кремний, ҳамда, жуда оз-оздан бўлсада, фосфор, олтингугурт ва бошқа элементлар мавжуд бўлади.

Қуйма чўян етарлича пишиқ ва қаттиқ бўлиб, у темир маҳсулотлари ичида энг арзони саналади. Чўяндан тайёрланган деталлар босим ва оғирлик доим бир хил бўладиган ўринларда қўлланиши мумкин. Лекин, чўян зарбаларга нисбатан, ҳамда, босим ўзгаришларига нисбатан чидамсиз. У мўрт металл бўлиб, тез едирилади ва қийшайиб, синиб кетиши ҳам мумкин.

Чўянни қайта ишлаш ва унга оҳактош ва яна темир рудаси билан ишлов бериш орқали соф темир металлини ажратиб олиш мумкин. Лекин, соф темир қуйма чўяндан кўра юмшоқ ва осон эгилувчан бўлади. Шу сабабли ҳам, темирни соф ҳолатда қўллаш соҳалари анча чегараланган. Уни асосан кимё саноатида катализатор сифатида соф ҳолатда қўлланилади. Металлокоснтрукциялар ва қурилиш ишлари учун, ҳамда, техника ва машина деталлари учун қўлланиладиган темир эса одатда соф темир бўлмай, балки, темирнинг бошқа навлари, асосан пўлатдан тайёрланади. Пўлат – темирнинг соф ҳолатдагиси ва қуйма чўян орасидаги оралиқ нави бўлиб, лекин у пишиқлиги ва мустаҳкамлиги борасида ҳамма темир навларидан устун туради. Пўлатда углерод миқдори 0,15-1,5% атрофида бўлади.

Қуйма чўяндан пўлат олишнинг бир неча усуллари мавжуд. Шундай усуллардан бири бессемер печи (ёки, бессемер конвертери) дейилади. Бессемер печларининг энг асосий хусусияти – уларда темир рудаси таркибидаги фосфор, олтингугурт ва бошқа кераксиз аралашмалар максимал чиқариб ташланади ва кейин керакли миқдорда углерод ва баъзи бошқа элементлар билан бойитилади.

Барча темир навлари орасида ишлов бериш ва тоблаш орқали керакли даражадаги пишиқлик ва пухталикка етказиш қулайлиги борасида пўлат биринчи ўринда туради. Бунда темир аввалига қизариб, чоғ ҳолатига келгунича қиздирилади ва сўнгра уни бирданига совуқ (муздек) сувга солинади. Мазкур жараён металлурглар тилида «металлни бўшатиш» дейилади. Пўлатнинг пишиқлик ва қаттиқлик борасидаги муайян хусусиятлари, уни тайёрлаш жараёнида темирнинг қандай тоблангани ва таркибида углерод қанча миқдорда қўшилгани билан боғлиқ бўлади. Агар пўлат таркибида углерод миқдори 0,2% дан кам бўлса, у кам углеродли пўлат дейилади. Бундай пўлат хоссаларига кўра чўянга ўхшаб кетади ва жуда арзонлиги туфайли, ҳозирда деярли чўяннинг ўрнини эгаллаб бўлган. таркибида 0,2% дан 0,6% гача углерод тутадиган пўлатни конструкцион пўлат дейилади. Қурилиш учун ишлатиладиган металл балкалар, кўприклар ва бошқа иншоотларнинг металл асослари ва металлоконструкциялар айнан шундай пўлатдан қуйилади. Пўлат навлари ичида энг пишиқ ва қаттиғи инструментал пўлат дейилади. Инструментал пўлатда 1-1,5% углерод мавжуд бўлади. Машина ва механизмларнинг ҳаракатланувчи металл деталлари, турли муҳандислик иш қуроллари ва тиғли кесиш асбоблари шундай навли пўлатдан тайёрланади.

Пўлатнинг хоссалари шунингдек, темир ва углероддан ташқари, унга бошқа қўшимчаларнинг қўшилганлиги ва уларнинг нисбати билан ҳам белгиланади. Ҳозирда жаҳон бозорида пўлатнинг юздан ортиқ навлари мавжуд. Бутун дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб тонна пўлат ишлаб чиқарилади. Автомобильсозлик саноати жаҳон пўлат ишлаб чиқаришининг деярли 20% қисмини истеъмол қилади. Ишлаб чиқарилган пўлатнинг қолган қисми эса, асосан, машинасозлик, темир йўл қурилишлари ва қурилиш соҳаларига йўналтирилади. Ҳозирда инсоният пўлатдан шу даражада кенг фойдаланмоқдаки, тарихчилар ҳозирги даврни қўрқмай пўлат даври дейиш мумкин деб таъкидлашмоқда.

Замонавий дунёда пўлат одамзот ҳаётини шу даражада ўзгартириб юборганки, эндиликда сивилизациямизни усиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, барча йирик шаҳарлардаги осмонўпар бино ва иншоотлар айнан пўлат туфайли шу мақомда қад ростлашган. Авваллари бинолар асосан ёғоч ва ғиштдан қурилган замонларда, бино баландлиги бир неча қаватдан ортиши мумкин эмас эди. Чунки, бунда бино оғирлиги унинг асосига қуйилган пойдеворни (фундамент) пачоқлаб ташларди. Ҳозирда юзлаб қават баландликка эга бино ва иншоотлар истисносиз равишда фақат пўлат каркас асосига қурилади. Пўлат асосида қурилган биноларда ташқи қопламани ойнаванд қилиши орқали янада жозибадор ва шу билан бирга енгил қилиш урфга кирмоқда.

Юзлаб қаватли замонавий осмонўпар биноларнинг барчаси пўлат туфайли қад ростлаган

Пўлат шунчаки мустаҳкам бўлиб қолмай, балки, ажойиб эластик хоссага ҳам эга. Агар пўлатга ташқи омиллар таъсир қилиши натижасида у эгиладиган бўлса, ўша таъсир кучи йўқ бўлиши билан, пўлат яна ўз ҳолига қайтади. Шу сабабли ҳам, меъморлар юзлаб қаватли осмонўпар биноларни шамол ва зилзиладан қўрқмай бунёд этишади. Инсоният айнан пўлат туфайлигина осма кўприклар ва бошқа мураккаб меъморий-муҳандислик ечимларини барпо эта олмоқда. Хулоса қилиб айтганда, қаердаки пишиқлик ва мустаҳкамлик зарур бўлса, ўша жой учун пўлатдан ўтадиган металл бошқа йўқ. Боз устига, у энг арзон металл ҳамдир.

Бироқ, ушбу энг пишиқ ва энг арзон металлнинг ҳам ўзига яраша айрим камчиликлари мавжуд. Бундай камчиликлардан энг жиддийси – унинг кислород билан осонгина бирикиб қолишидир. Кислород билан бирикиш реакцияси баъзи навларда жуда тез, баъзиларда эса бирмунча секин кечиши мумкин. Оддий халқ тилида бу жараённи занглаш дейилади. Яъни, темир буюмлар ва конструкциялар нам ҳаво таъсирида занглаб қолади. Бунда, темир сув ва кислород билан бирикиб, темир гидрат оксиди ҳосил қилади.

Афсуски, занг бу – кукун кўринишида уқаланадиган модда бўлиб, у темирни ҳимоя қилмайди; аксинча, қатлам-қатлам тарзида кўчиб-кўчиб, темирни емириб боради. Шу сабабли, ҳам темир ва унинг навларини, айниқса пўлатни махсус ҳимоя қатлами билан таъминлаш керак бўлади. Бунинг учун одатда пўлат конструкциянинг сирти махсус бўёқлар билан бўялади. Ҳар йили занглаш туфайли дунё бўйича миллионлаб тонна темир яроқсиз ҳолга келиб қолади. Занглаган деталларни алмаштириш учун яна шунча пўлат сарф-харажат қилинади. Бу эса, улкан миқдордаги иқтисодий зарар ва қўшимча харажат демакдир.

Гарчи, занг ҳар йили шунча катта зиён келтираётган бўлса ҳамки, лекин ундан наф чиқадиган айрим соҳалар ҳам мавжуд. Масалан, зангни алюминий қириндилари билан аралаштирилса, термит деб номланувчи модда олинади. Ушбу аралашма қиздирилса, алюминий ва темир оксиди ўзаро реакцияга киришади ва жараёнда кўп миқдорда иссиқлик энергияси ажралиб чиқа бошлайди. Реакциядаги ҳарорат 3000 ℃ гача боради. Термитдан пайвандлаш ишларида фойдаланилади. Масалан, темирйўл усталари рельсларни пайвандлашда термитдан фойдаланишади.

Сиз албатта темир ҳақида гап кетганда, унинг магнитга тортилишини ёдга оласиз. Мақола давомида ҳали бу хосса ҳақида гап очилмаганига ҳам ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ҳа, пайт энди келди. Темир – металлар ичида магнетизм хоссасига эга бўлган энг асосий металлдир. Шунингдек у магнит хоссаси энг кучли бўлган металл бўлиб, магнит ҳақида эсланганда, биринчи бўлиб темир ёдга олиниши бежиз эмас. Магнетизм бу – энергиянинг бир кўриниши бўлиб, у энергиянинг яна бошқа бир кўриниши – электр билан доимо бирга юради. Ичидан ток оқиб ўтаётган исталган ўтказгич сим магнит хоссасига эга бўлади ва унга темир бўлаклари яқинлаштирилса, сим ва темир бир-бирига тортилади. (Нима учун ўтказгич сим айнан темирни тортиши, бошқа металларни эса тортмаслиги ҳали-ҳануз илм-фан олдидаги жумбоқлардан биридир).

Агар, ичидан ток оқиб ўтаётган симларни ғалтак шаклида ўраб чиқилса, унда ҳар бир ўралган тола, ўзига тегиниб турган қўшни толанинг магнит кучини янада кучайтиради ва натижада, ғалтакка ўралган симнинг магнит кучи, айнан шундай узунликдаги тўғри тортилган симнинг магнит кучидан анча кучли бўлиб қолади. Агар, шундай тарзда, симни темир ўзак атрофида ўраб чиқилса, натижада темир ўзакли ғалтак ҳосил бўлади. Бундай ғалтак кучли электромагнит хоссаларга эга бўлиб, электротехникада жуда кенг қўлланади.

Темир ўзакли ғалтакнинг магнит кучи ўша темир ўзакнинг учларида, бошқача айтганда, қутбларида энг кучли бўлади. Шу сабабли ҳам, темир бўлаклари айнан қутбларга кўпроқ тортилади. Темирнинг ушбу кучли электромагнит хоссасидан, темир ва пўлатни кўтаришда, металлолом ташишда кўтарма куч сифатида фойдаланилади. Электромагнит кучи металлургия ва металлолом корхоналарида тонналаб металлни жойдан-жойга кўчиришда ва юклашда асосий восита саналади.

Албатта, темир ва магнитнинг ўзи, ҳамда, электр ўтказаётган симлардан ташқари, бошқа кўплаб моддалар ҳам магнит хоссасига эга. Лекин, бошқа моддаларнинг магнит хоссаси деярли сезиларсиз бўлган учун, улар ҳақида биз ҳам деярли билмаймиз.

Пўлатнинг аксарият навларида атомларнинг эркин ҳаракати соф темирникичалик бўлмай, балки, бирмунча чекланган бўлади. Яъни, пўлатнинг атомлари муайян тартибда жойлашган бўлиб, уларга электр таъсир қилганда ҳам ва ток таъсири ўчирилганда ҳам бир хил тартибда қолаверади. Шу сабабли, бундай пўлатдан тайёрланган магнитни доимий магнит дейилади. Кўпчилигимизга яхши таниш бўлган тақасиман ўйинчоқ магнитлар айнан шундай пўлатдан ясалади. Магнит кучи нисбатан паст ва сезиларсиз бўлган моддалар парамагнитиклар дейилади. Темир ва бошқа кучли магнитлар эса ферромагнетиклар дейилади.

Биз мақола аввалида тилга олган магнетит темир рудаси шунингдек магнит темири ҳам дейилади ва у табиий магнит манбаси саналади. Темирнинг магнит хоссаси илк бора қадимги Юнонистоннинг Магнезия тоғли ҳудудида яшаган одамлар томонидан ўрганилган ва фойдаланила бошланган эди (шунингдек магний ва марганетс элементлари номи ҳам айнан шу ҳудуд номи билан боғлиқ).

Умуман олганда, бизнинг бутун бошли сайёрамизнинг ўзини ҳам улкан магнит бўлаги сингари тасаввур қилишимиз мумкин. Компас орқали дунё томонларини аниқлаш ҳам Еримизнинг айнан шу магнит хоссасидан фойдаланиш эвазига амалга ошади.

Ўрта асрларда ташқи кўринишидан темирга ўхшаш, лекин, хоссалари кескин фарқ қилувчи яна икки металл немис кончиларини тоза хуноб қилар эди. Темир деб ўйлаб олинган рудадан темирга мутлақо ўхшамайдиган металл чиқиб келгани учун, немис кончилари уни ер остида яшовчи ёмон пакана одамчалар - гномлар сеҳрлаб қўйган ва шу сабабли яроқсиз бўлиб қолган темир деб ўйлашган. Немислар пакана одамни, шунингдек гномларни коболд деб аташган. Айнан шу атама орқали даврий жадвалдаги 27-рақамли элемент – кобальтга ном берилган. Яна бир шунга ўхшаш «яроқсиз» металлни кончилар «купферникел» деб аташган. Бу сўзнинг маъноси «шайтон миси» дегани бўлиб, кейинчалик унинг таркибидаги никель сўзи 28-элементга бириктирилган. Кобальтни илк марта 1735-йилда Георг Брандт томонидан соф ҳолда олинган бўлса, никельни эса, 1751-йилда Аксел Фредерик Кронстедт томонидан олинган.

Кобальт ва никель авваллари кончиларни хуноб қилганини айтиб ўтдик. Темирнинг ўзи ҳам баъзан одамлар билан шундай «ҳазиллашиб» турарди. Хусусан, табиатда кенг тарқалган темир колчедани минерали бир атом темир ва икки атом олтингугуртдан иборат бўлади. У табиий ҳолда олтин каби ялтираб товланади. Қимматбаҳо металлар билан энди-энди танишаётган кишиларни ушбу колчедан тоза гангитиб, кейин эса ҳафсаласини дабдала қилар эди. Шу сабабли ҳам, қалбаки тилла бўлиб кўринадиган ушбу темир моддасини авваллари «жинни тилла» деб юритишар эди.

Никель ҳам, кобальт ҳам одатда темир рудаси билан йўлдош ҳолда чиқади. Ер қобиғининг 3% га яқин қисмини никель ташкил қилади. Кобальт эса 0,25% улушни эгаллайди холос. Лекин, никель шунчалик кўп кўрингани билан, унинг асосий қисми олиш имконсиз билан тубликларда – Ер ядросида жойлашган. Ер ядросининг 90% қисми темир бўлса, қолган 10% қисми никель экани маълум. Ер қобиғида эса никель анча ноёб металл бўлиб, кам учрайди.

Никель билан кобальт темирдан кўра тахминан 10% га оғирроқ ва пишиқроқ бўлади. Агар кобальт ва никель ҳам темирчалик кўп бўлганда, ушбу металлардан ҳам кенг миқёсда фойдаланиш мумкин бўларди. Улар темирдан кўра мустаҳкамроқ бўлиш билан бирга, зангламаслиги билан ҳам бизга кўпроқ фойда келтирган бўларди. Бироқ, табиат кобальт ва никельни унчалик ҳам кўп яратмаган.

Шунга қарамай, металл конструкцияларнинг сиртини никель қоплама билан қоплаш орқали, уларнинг зангламас қилиш мумкин. Бунинг учун, никель қоплама қилиш зарур бўлган металлни никель эритмаси мавжуд бўлган суюқликка солинади ва ундан электр токи ўтказилади. Агар, ҳамма шартлар тўғри бажарилса, никель атомлари темирдан ясалган детал устига келиб ўтиради ва сиртини тўлиқ қоплайди. Натижада, никель қоплама билан қопланган детал зангламайдиган бўлади. Боз устига у ярқираб, чиройли ҳолатга келади. Ушбу жараённи гальванизация дейилади.

Кобальт ва никель ҳам магнит хусусиятига эга. Гарчи улар темир сингари кучли магнит бўла олмасада, ҳарҳолда, қолган бошқа барча металлардан кўра кучлироқ магнит саналади. Агар, никель, кобальт ва темирни муайян нисбатларда аралаштириб, қотишма ҳосил қилинса, натижада олинган металл темирнинг ўзидан ҳам кучлироқ магнит хоссаси касб этадиган бўлади. Масалан, 2/3 қисми никель ва 1/3 қисми темир бўлган пермаллой деб номланадиган қотишманинг магнит кучи пўлатдан тайёрланган доимий магнитникидан сезиларли даражада кучли бўлади. Янада кучлироқ бўлган магнитни никель, кобальт, алюминий ва темир қотишмасидан тайёрлаш мумкин. Бундай магнит алнико дейилади.

Металлни яланғоч ҳолатда магнит қилиб ишлатмаслик учун майда темир қириндилари пластик қобиқ ичига жойлаштирилади. Бундай магнитлар ҳам жуда кучли бўлиб, пластикнинг юмшоқлиги эвазига, магнитни исталган шаклга солиш имконияти пайдо бўлади.

Никельланган пўлат (ёки, никельли пўлат) мустаҳкамлиги борасида оддий пўлатда анча устун туради. Унинг таркибида 3% атрофида никель мавжуд бўлади. Дунё бўйича ишлаб чиқариладиган никельнинг катта қисми айнан никельли пўлат ишлаб чиқаришга сарфланади. Никельли пўлат турларидан бири инвар деб номланади ва унинг 5/8 қисми темир, 3/8 қисми никельдан иборат бўлади. Инварнинг ўта пишиқлиги ва мустаҳкамлигидан ташқари яна бир жуда муҳим хоссаси мавжуд. Ушбу хосса техника соҳасида, айниқса авиация ва космик технологияларда беназирдир. Яъни, инвар иссиқлик таъсирида деярли кенгаймайди ва совуқда тораймайди. Оддий пўлат турлари эса бундай хосса билан мақтана олмайди. Инварнинг иссиқликка ва совуққа таъсирчанлиги (кенгайиш ва сиқилиши) оддий пўлатникидан 1/15 нисбатда яхшироқдир.

Кобальт никельдан кўра қаттиқроқдир (никель эса темирдан қаттиқ). Металлургияда маълум қотишмалар ичида кобальтли қотишмалар энг пишиқ ва қаттиғи саналади. Кобальт қотишмалари фанда стеллитлар дейилади. Стеллитлар ўта юқори ҳароратларга ҳам бардошли қотишмалар бўлиб, металл эритиш дастгоҳ ва ускуналари одатда айнан стеллитлардан тайёрланади. Шунингдек, стеллит қотишмалар металларнинг ўзаро ишқаланиши натижасида юзага келадиган ҳарорат ўзгаришларига ҳам жуда чидамлилиги билан, турли иш асбоблари – омбур, механик калитлар, болға ва сандон ясаш учун ҳам жуда боп металлар саналади.

Водород ҳақидаги ҳикоямиздан сизга яхши маълумки, водород атоми билан бомбардимон қилиш орқали ўсимлик мойини қўйиқлаштириб (қаттиқлаштириб) ёғга айлантириш мумкин. Бу жараёнда, агар шунчаки мойни водород билан ўққа тутилса, жараён жуда кўп вақт олади ва узоқ чўзилади. Лекин, озиқ-овқат технологиялари ва кимёси соҳаси мутахассислари, жараёнга муайян металл кукунларини қўшиш орқали, уни сезиларли даражада тезлаштириш мумкинлигини яхши билишади. Жараённи тезлаштирувчи ушбу металл кукунини катализатор дейилади. Мойни ёққа айлантиришда энг арзон металл катализатор – никель кукуни ҳисобланади.

Fantomasning bank chekiСиз «Фантомас» филмини кўрган бўлсангиз керак. (ўша жойдан юотубедан фрейм қўш!). Ўша филмда фантомас бир ҳужжатга имзо қўйгач, бир неча дақиқадан кейин имзо ўчиб кетади. Бу филмнинг ўзи сингари фантастик эмас, балки, ҳақиқатан ҳам бор нарса. Мазкур турдаги сиёҳни кобальт ёрдамида тайёрланади. Кобальт бирикмалари қуруқ ҳолатда кўк сиёҳ рангида бўлади. Намгарчилик таъсирида кобальт атомига сув бирикиб боради ва натижада ранги қирмизи тусга кира бошлайди. Бундай эритмадан сиёҳ тайёрланса, у билан ёзилган ёзув бир неча дақиқа ўтиб ўчиб кетади. Сабаби, ёзув қоғозга тушгач, эритмадаги сув буғланади ва сиёҳ қурийди. Таркибидаги сув йўқолгач, кобальтнинг ўзи қолади ва у кўринмас ҳолга ўтади. Лекин, қоғозни бироз қиздирилса, кобальт бирикмалари яна кўк сиёҳ рангида кўрина бошлайди ва хатни яна бемалол ўқиш мумкин бўлади.

Никельнинг бирикмаларининг аслида бундан ҳам жуда муҳим бошқа аҳамиятли вазифалари мавжуд. Сиз яхши биласизки, силикагель намликни ютувчи модда сифатида кенг қўлланилади. Силикагелнинг ўзи асл ҳолатда шаффоф бўлиб, унинг намликка тўйинган ёки ҳали яна нам ютиш имконияти бор-йўқлигини аниқлашнинг имкони йўқ. Шу сабабли, унга никель бирикмалари қўшилади. Бундай силикагел ҳали қуруқлигида, таркибида никель борлиги сабабидан кўк рангда кўринади. Ўзига намни сингдиргани сайин силикагел қирмизи тусга кириб боради. Шу тариқа, кобальт воситасида силикагел учун намлик индикатори ҳосил қилинади.

Шунингдек, шиша ёки, керамика маҳсулотларига кобальт қўшилса, у маҳсулотга кўкимтир тус беради. Бундай шишани кобальтли шиша дейилади.

Кобальтнинг тирик организмлар учун ҳам муҳим аҳамияти мавжуд. Масалан, Б12 витамини молекуласида битта атом кобальт мавжуд бўлади. Шу сабабли, Б12 витамини ва унга ўхшаш бирикмаларни биокимёгарлар кобаламинлар деб юритишади. Шу тариқа, кобальт тирик тўқималар ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган микроэлементлардан бири ҳамдир.

Мақола сўнгида ажойиб бир қизиқ статистик маълумотни келтириб ўтмоқчимиз: маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, жаҳонда энг кўп тарқалган фамилиялардан бири айнан «Темирчи» маъносини билдирадиган фамилиядир. Инглизча Смит, шведча ва Данияча Смед, немисча Шмид фамилияларининг маъноси айнан «Темирчи» деганидир. Украинчадаги Коваленко, Ковалчук, русчадаги Ковалёв, Ковалевский, Кузнецов, француз тилидаги Ферран, испан тилидаги Эрреро, фамилияларининг ҳам маъноси айнан темирчи деганидир. Умуман олганда узоққа бориш ҳам шарт эмас, ўзимизда ҳам Темиров деган фамилия тез-тез учрайди.


Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

Фейсбукда: https://www.facebook.com/Orbita.Uz/

Твиттерда: @OrbitaUz

Google+ : https://plus.google.com/104225891102513041205/posts/

Телеграмдаги каналимиз: https://telegram.me/OrbitaUz



Yangilаndi: 30.10.2017 14:14  
Maqola yoqdimi? Do'stlaringizga ham tavsiya qiling:

Mulohaza bildiring:


Mahfiy kod
Yangilash

Banner

Orbita.Uz infotekasi

Milliy bayramlarimiz

Yaqin kunlardagi rasmiy bayramlar, kasb bayramlari, muhim tarixiy va xalqaro sanalar.

26 - Iyun - Iyd al-Fitr - Ramazon hayiti Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)


1 - Sentyabr - Mustaqillik kuni. (Dam olish kuni)


2 - Sentyabr - Iyd al-Adho - Qurbon Hayiti . (Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)

O'zbekiston shaharlari ob-havo ma'lumotlari

Orbita.Uz do'stlari:

Ziyo istagan qalblar uchun:

O'zbek tilidagi eng katta elektron kutubxona!

​Ўзбекча va o'zbekcha o'zaro transkripsiya!
O'zbekcha va ўзбекча ўзаро транскрипция!

Bizning statistika


Orbital latifalar :) :)

СмешноУлыбаюсьПодмигиваю

Agar arktangens shimoliy yarimsharda mavjud bo'lsa,
demak, janubiy yarimsharda

Antarktangens ham mavjuddir!!!



Tafakkur durdonalari

Farzandlarimiz bizdan ko'ra kuchli, aqlli va baxtli bo'lishlari shart...

I. Karimov