Orbita . U Z

Ilm-fan fazosi uzra

  • Shrift o'lchamini kattalashtirish
  • Odatiy shrift o'lchami
  • Shrift o'lchamini kichiklashtirish
Bosh sahifa Maqolalar Qiziqarli fizika Toza suv: osmos haqida 5 ta fakt. - Тоза сув: осмос ҳақида 5 та факт.

Toza suv: osmos haqida 5 ta fakt. - Тоза сув: осмос ҳақида 5 та факт.

E-mail Chop etish
Maqola Reytingi: / 2
Juda yomon!A'lo! 
Maqola mundarijasi
Toza suv: osmos haqida 5 ta fakt.
Мақолани кирилл алифбосида ўқинг
Hamma sahifa
Тоза сув: осмос ҳақида 5 та факт.

Ёз кунларида тарвузни сувга солиб қўйиб совитишни деярли ҳаммамиз қилиб кўрганмиз. Авваллари музлатгичлар бўлмаган замонларда, ичимликларни совитиш учун ҳам шундай усул кенг қўлланилган: мешга тўлдирилган сут, шарбат ёки шаробни муздек сув оқаётган ариққа солиб қўйишарди ва натижада, ўша ичимлик ҳам муздек бўлиб, ичганда одамга янада лаззат бахш этарди.

Фаранг физик олими, аббат Антуан Нолле (1700-1770) ҳам бузоқ терисидан қилинган мешларда шароб (вино) сақларди. 1748-йилнинг иссиқ ёз кунларининг бирида, Нолле шундай мешда сақланаётган шаробни совитиб ичиш учун, уни муздек сувли ҳовузга солиб қўяди. Бироқ, тамадди қилишга чоғланаркан, у хаёлида аллақачон муздек бўлиб турган шаробни олиш учун ҳовуздан мешни чиқариб олди ва не кўз билан кўрсинки, бузоқ терисидан тайёрланган меш ёрилиб, ичига сув кириб кетган эди...Antuan Nolle (1700-1770)

Антуан Нолле ўша куни тамадди вақтида муздек шароб ича олмади. Лекин, меш билан рўй берган физик ҳодисани ўрганиш асносида, фан ва техника учун муҳим бўлган ажойиб бир технологик жараённи кашф қилди.

Маълум бўлишича, қанчалик пишиқ ишланган бўлмасин, бузоқ терисидан тайёрланган мешдан қандайдир бир йўл билан сув ичкарига сизиб кирган ва натижада, меш ичидаги суюқлик ҳажми катталашиб, оқибатда меш ёрилиб кетган. Нолле синчиклаб текшириб шуни аниқладики, меш ичидаги ва ташқаридаги суюқликларнинг концентрацияси фарқи натижасида меш деворларида катта босим юзага келар экан ва бунинг оқибатида, сув тери меш деворларида сизиб ичкарига кириб кетаркан. Шу тариқа, Нолле биз ҳозирда осмос деб атайдиган муҳим бир табиий жараённи кашф қилди. Осмос – эритувчи, ёки, сувнинг яримсингдирувчан мембрана орқали, тўйинганлиги камроқ бўлган эритмадан кучлироқ тўйинган эритмага сизиб ўтиши жараёнидир.

Гарчи, осмос ҳодисаси 1748-йилда кашф этилган бўлсада, бироқ, ундан саноат миқёсида фойдаланишга ўтилганига ҳали унча кўп бўлгани йўқ. Осмос воситасида сувни тозалаш технологиясининг муваффақиятли саноат намуналари фақат 1970-йиллардан буён одамзотга хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бундай технологияларда биз осмоснинг тўғри туридан эмас, балки, «тескари осмос» деб номланувчи усулидан фойдаланамиз. Тескари осмос технологиясида сунъий ҳосил қилинган босим таъсири остида, концентрацияланган эритма таркибидан сув чиқиб, концентрацияланмаган эритма таркибида ўтади. Ҳозирги кунда, тескари осмос технологияси денгиз сувини чучук сувга айлантириш ҳамда, умуман, сувни турли аралашмалардан, эриган тузлардан тозалаш учун энг мақбул ва самарали технология ҳисобланади.

Тескари осмос технологияси қандай ишлайди? Сув тўлдирилган идишга мембрана, яъни, тўсиқ ҳосил қиладиган пластина соламиз. Мембрана сувни ўзига сингдирадиган (шимадиган), лекин, сувда эрийдиган моддаларни эса сингдирмайдиган материалдан тайёрланади. Идиш ичига мембрана жойлаган пайтингизда, унинг ҳар икки тарафидаги сув сатҳи аввалига бир хил бўлади, чунки, бунда идиш ичида физикадаги туташ идишлар қонуни амал қилади. Энди, мембрананинг бир тарафидаги сувга туз соламиз. Натижада, мембрананинг туз солинган тарафида концентрация ортади ва осмотик босим ҳосил бўлади. Ушбу осмотик босим таъсирида, сув туз концентрацияси паст тарафдан концентрация баланд тарафда оқиб ўта бошлайди. Бунда туз концентрацияси паст тарафдаги сув, тўйинган эритмага аралашиб кетишга интилади. Осмос ҳодисасининг асосида айнан ушбу физик-кимёвий қонуният ётади.

Энди эса, тажрибамизни давом эттириб, идишда мембрана билан ажралиб турган икки хил концентрацияли сувнинг туз кўпроқ эриган тарафига (яъни, концентрация юқорироқ тарафига) босим берамиз. Босим сув молекулаларини мембрана орқали ўтиб концентрацияси пастроқ тарафга сизиб чиқишга мажбур қилади. Туз эса жойида қолаверади. Худди шу жараённи тескари осмос дейилади.

Тескари осмоснинг энг муҳим қисми бу – мембранадир. Замонавий осмос технологияларида мембранани махсус полимер плёнкадан тайёрланади. Сув билан таъсирлашганда бундай мембрана ишади. Босим ўтказилганда эса, у сиқилади ва ўзида фақат сув молекулаларини ўтказа бошлайди. Мембрананинг физик хоссаси шундайки, унга фақат сув сингади, бошқа исталган модда, шу жумладан турли тузлар, сувда эриган ҳар қандай кимёвий моддалар унда сизиб ўта олмайди.

Тескари осмос: сув тўйинганлиги камроқ бўлган суюқлик томон интилади.

Фактлар:

Факт №1: Осмос – табиий жараёндир. Тирик организмлар ҳужайраларида осмос жараёни транспорт ва тақсимлаш функциясини бажаради. Яъни, осмос – фундаментал табиий жараёнлар сирасига киради. Исталган ҳужайра атрофини албатта мембрана қуршаб турган бўлади ва ушбу мембрана ҳужайра ичкарисига фақат сув ва кислород молекулаларини, ҳамда, озуқа моддаларни ўтказади холос. Паррандалар тухуми, шу жумладан, товуқ тухумининг пўчоғининг ички тарафи ҳам мембрана бўлиб, ундан тухум ичкарисига фақат кислород ўтади, бошқа моддаларни ушбу мембрана ичкари киритмайди. Ўсимликлар илдизи ҳам сувни ўзига шимиб олади ва ўсимлик танасидаги ҳужайралар деворлари табиий осмотик мембрана ҳосил қилади. Натижада, ўсимлик организми фақатгина сув ичади, лекин сув таркибидаги бошқа моддаларни ўзига сингдириб олмайди. Осмос жараёнисиз ҳужайрали кўринишдаги ҳаёт шакли мавжуд бўла олмас эди.

Факт №2. Тескари осмос ва фильтрлаш – бошқа-бошқа нарса. Тескари осмос ва фильтрлаш орасида қандай фарқ бор? Фильтрлашда бир жинсли бўлмаган аралашмалар тозаланади. Бунда ғовак жисмлар (смола, дағал мато, пўкак ва ҳо казо) орқали суюқлик бир тарафдан бошқа тарафга ҳайдалади ва натижада, сувда эримаган, ҳамда, ўлчами 1000 мм гача бўлган майда зарралар тутиб қолинади. Тескари осмос билан эса, сув (суюқлик) таркибига сингиб кетган ҳар қандай аралашмаларни, улар ҳатто суюқлик билан бир жинсли бўлиб кетган бўлса ҳам, тозалаб юборади. Бунда аралашма молекула ёки ион тарзида бўлса ҳам фарқи йўқ – тескари осмосдан у ўта олмайди.

Факт №3. Тескари осмос мутлақо зарарсиз. Тескари осмосдан фойдаланганда сувдаги эриган тузлар миқдори минимумгача пасаяди. Чунки, тескари осмотик тозалашда мембрана фақатгина сув молекулаларини ўтказади, сувда эриган ионлар эса йўқ қилинади. Лекин, тескари осмосли тозалаш ҳам иш бермайдиган айрим ҳолатлар мавжуд. Масалан, бир асосли кучли азот кислотасининг аниони атига 75-90% га камаяди холос.

Одам бир кеча-кундузда тахминан 2 литрга яқин сув ичади. Минерал тузларни эса биз асосан овқат таркибидан оламиз. Агар, масалан биз кальцийни фақат сувдан олганимизда эди, башарти, қабул қилинган кальций 100% ўзлаштирилади деб олганимизда ҳам, кальцийнинг бир суткалик меъёрий дозасини олиш учун 40 литр сув ичишга тўғри келган бўларди. Шунда ҳам, тозаланган юмшоқ сув эмас, балки, қаттиқ сув ичиш керак бўларди. Ваҳоланки, амалда организмга тушган кальций миқдорининг атига 5-10% қисми ўзлаштирилади холос. Биз сувдан магний элементини яхшироқ ўзлаштирамиз. Лекин, табиий сувлар таркибида барибир магний анча кам.

Факт №4. Мембрана сорбентлардан кўра яхшироқ. Маиший сув тозалаш ускуналари икки хил бўлади: сорбентли ва мембранали. Мембранали тозалаш ускуналарининг асосий қисми биз айтган тескари осмос жараёни асосида ишлайди. Сорбентли тозалагичлар сувдан зарарли моддаларни тутиб қолади. Тескари осмосли тозалагичлар эса, аралашма таркибидан сувни ажратиб олади. Ҳар иккала тозалагичларда ҳам албатта сув механик аралашмалардан, оғир металларнинг ионларидан, органик бирикмалардан, фаол хлордан, бактериялардан ва вируслардан тозаланади. Лекин, сорбентли тозалагичлардан фарқли ўлароқ, тескари осмосли тозалагичлар ушбу вазифани тўлиқ 100% бажаради.

Факт №5. Тескари осмос ускунасининг маиший турлари ҳам бор. Ҳозирги кунда маиший истеъмол учун ичимлик сувини тозалаш борасида тескари осмос технологиясидан ўтадигани йўқ. Ушбу технология салқин ичимликлар ишлаб чиқариш саноатидан бошлаб, тиббиёт ва электроника соҳаларида ҳам кенг қўлланилмоқда. Биз дўкон пештахталаридан сотиб олиб истеъмол қиладиган қадоқланган сувларнинг деярли барчасини айнан тескари осмос усулида тозаланган бўлади. Шундай тескари осмос ускуналарининг маиший техника тарзида ишлаб чиқарилган турлари ҳам мавжуд бўлиб, уларни аҳоли хонадонларида ҳам ўрнатиш мумкин.


 

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

Фейсбукда: https://www.facebook.com/Orbita.Uz/

Твиттерда: @OrbitaUz

Google+ : https://plus.google.com/104225891102513041205/posts/

Телеграмдаги каналимиз: https://telegram.me/OrbitaUz




Yangilаndi: 30.07.2017 17:17  
Maqola yoqdimi? Do'stlaringizga ham tavsiya qiling:

Mulohaza bildiring:


Mahfiy kod
Yangilash

Banner

Orbita.Uz infotekasi

Milliy bayramlarimiz

Yaqin kunlardagi rasmiy bayramlar, kasb bayramlari, muhim tarixiy va xalqaro sanalar.

26 - Iyun - Iyd al-Fitr - Ramazon hayiti Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)


1 - Sentyabr - Mustaqillik kuni. (Dam olish kuni)


2 - Sentyabr - Iyd al-Adho - Qurbon Hayiti . (Dam olish kuni) (oy chiqishiga qarab bir kunga o'zgarishi mumkin)

O'zbekiston shaharlari ob-havo ma'lumotlari

Orbita.Uz do'stlari:

Ziyo istagan qalblar uchun:

O'zbek tilidagi eng katta elektron kutubxona!

​Ўзбекча va o'zbekcha o'zaro transkripsiya!
O'zbekcha va ўзбекча ўзаро транскрипция!

Bizning statistika


Orbital latifalar :) :)

СмешноУлыбаюсьПодмигиваю

Tram-tramiston kimyo lug'ati;

Ekstarktor - sobiq traktor;

Polimer - uy polini o'lchash asbobi;

Xlorofill - xlorparast kimsa


Birliklar Konvertori

Birlik / Kattalik turini tanlang:
Qiymatni kiriting:

Natijaviy qiymat:

© Orbita.uz

Kontent statistikasi

Foydalanuvchilar soni : 374
Kiritilgan mаqolalar soni : 761
O'qilgan sahifalar soni : 2498059

Tafakkur durdonalari

Ilm-Fan Taraqqiyotni yetaklovchi kuchdir!