Orbita . U Z

Ilm-fan fazosi uzra

  • Shrift o'lchamini kattalashtirish
  • Odatiy shrift o'lchami
  • Shrift o'lchamini kichiklashtirish
Bosh sahifa Muallif & blog ... Гюйгенс ва Гютенс, Койтер ва Паянер ҳақида

Гюйгенс ва Гютенс, Койтер ва Паянер ҳақида

Maqola Reytingi: / 1
Juda yomon!A'lo! 

Гюйгенс ва Гютенс, Койтер ва Паянер ҳақида

Телевидинеда илмий-оммабоп фильмларнинг мунтазам намойиш этилиши қувонарли ҳол. Фан ва техника ҳақидаги қизиқарли лавҳалар ва қимматли маълумотлар бериладиган илмий-оммабоп фильмлар, тан олайлик, анави тайини йўқ корейс сериаллари ва тузсиз клиплар тўпламидан минг марта яхши ва фойдалироқ. Улар орқали томошабинларнинг дунёқараши ортади, айниқса ўқувчи ёшларнинг фанга бўлган қизиқишлари янада жиддийлашиши мумкин.Бу эса келажакада, истеъдодли ва юқори салоҳиятли кадрларнинг етишиб чиқишига, янги илмий кашфиётлар ва техник ютуқларга эришишга сабаб бўлиши мумкин. Юқори малакали илмий ҳодимлар ва муҳандис-техниклар (ўзини «санъаткор» деб атайдиганлардан фарқли равишда) жамият учун ҳеч қачон ортиқча бўлмайди.

 

 

Бу борада айниқса, охирги вақтларда «Дунё бўйлаб» ва «Маданият ва маърифат» телеканаллари эфирлари таҳсинга лойиқ бўлмоқда. Ёшлар канали ҳам бундан мустасно эмас албатта.

Ушбу каналарнинг ижодий жамоаси, айниқса илмий-оммабоп йўналишдаги фильмлар тахририяти жамоаси, деярли битта эканлигини инобатга олсак, уларнинг меҳнат ва ижод кўлами ҳақида тасаввур олиш қийин эмас. Аммо, лекин, бироқ...

Ана ўша илмий оммабоп фильмларни кўриб ўтираркансиз, баъзан кўнгилни ҳижил қиладиган жумлалар, илмий атамаларнинг нотўғри талқини ёки келишмаган таржима ва талаффуз ҳолатларини пайқаш мумкин. Бунга сабаб эса, ўйлашимча, аввало ўша тахририятлардаги таржимонларнинг хатоликлари, қолаверса, масъул мухаррирларнинг эътиборсизликлари бўлса керак. Фикримни изоҳлаш учун бир мисол келтираман:

 

1, 2 ва 3- март кунлари, тунгги соат 00-00 ва 01-30 лар орасида «Ёшлар» каналида «Галактика» номли илмий оммабоп кўрсатув намойиш этилди. Ярим тун бўлишига қарамай, енгил тамадди асносида қизиқиб кўра бошладим (ишдан уйга қайтган вақтим айнан шу кўрсатув эфир вақтига тўғри келган эди).

Бироқ, мазкур кўрсатув давомидаги айрим ҳолатлар, ҳафсаламни пир қилди.

Аввало шуни айтишими керакки, мазкур кўрсатув ўзимизда тайёрланмагани аниқ. Қолаверса унинг тайёрланганига камида 10 йил бўлган. Чунки унда келтирлаётган фактларнинг кўпи, ҳозирда эскирган. Харҳолда Илм-фан, анча жадал қадамлар билан илгарилайди. Бу борада қуйироқда алоҳида тўхтала қолай, чунки бу асосийси эмас.

Асосийси– таржима, имло ва талаффузга оид.

Мен кўришни бошлаган вақтда, муаллиф номидан матнни ўқувчи суҳандон, Сатурн сайёраси ҳақида ҳикоя қилаётган эди. У Сатурннинг ҳалқалари ҳақида сўзлар экан, уларнинг яхлит бўлмай, балки бир-биридан алоҳида кўп сонли ҳалқалар системаси эканилигини, тарихда илк марта, голландиялик олим ГюТенс кашф қилганини айтиб ўтди. Аввалига қулоқларимга ишонмадим. Нотўғри эшитдим деб ўйладим. Кейинроқ, Сатурннинг табиий йўлдошлари ҳақида гапирар экан, уларнинг дастлабкиларини ҳам ўша голланд олим Гютенс кашф этганини таъкидлади. Кейинги ўринларда ҳам, Сатурн томон учирилган фазовий аппарат Гютенс деб номланганини тилга олиб ўтди. Хуллас, машхур голланд олими, физик, математик, астроном, етук механик, ўрта асрлар учун керагидан ортик даражадаги аниқликка эга бўлган маятникли соатлар ихтирочиси, оптик уста, Сатурн йулдошларини кашф этган олим Христиан Гюйгенс (1629-1695) янги фамилиягаэга бўлиб қолди. Унинг асл голландча ёзилиши Christiaan Huygens. «Т»ҳарфи қаердан келиб қолди экан? Каранги фамилияси ўзгарган биргина Гюйгенс эмас экан. Британиялик астроном, Транснептун ҳудуд ҳақидаги илмий ишлар муаллифи Жерард Койпер (асл инглизчаси Gerard Kuiper) ҳам, эндиликда фамилиясини Койтер тарзида ифодаланишидан ҳайратланса керак. Ушбулардан кейин, «Хейл-Болл» кометасининг «Хейл-БОБ», «Галлей»(астроном  Эдмонд Галлей шарафига) кометасини ҳам «Галилей» кометаси деб аталгани, эндиликда мани ажаблантирмай қўйди...

Аввалига бу хатоликлар матн терувчининг ишидан бўлса керак деб ўйладим. Бироқ, кейинроқ, ой ва қуёш тутилиши ҳақидаги лавҳада, ерга ойнинг сояси тушиб, қуёшни тўсиб қўйишижараёни ҳақида, «ерга ой шарпаси тушади» деб ўқилди. Манимча «ой кўланкаси» демоқчи бўлган шекилли. Шарпа эса, фикримча бу арвоҳ ва шунга ўхшаш мавҳум тушунчалар учун қўлланиларди шекилли. «Пионер» сайёралараро космик аппарати «Паянер», Кометалардан бири томон учирилган космик зонд ҳақида эса,  «у фалон фалон асбоблар билан ускуналанган» дейилди. Майли, ускуналанган ва жиҳозланган сўзлари бир-бирига яқин деб қўя қоламан.

Манимча, бундай кўп миллионли аудиторияга эга каналлар, таржима қилиб узатиладиган кўрсатувларда эътиборлироқ бўлиши керак. Зарур бўлса, тегишли соҳа мутахассисларидан консультация олиш, танқидий тахрирдан ўтказиб олиш керак.

Фильмнинг ишлаб чиқарилган вақти хусусида, унга камида 10 йил бўлган дедим, чунки:

2005 йилда, АҚШлик астроном олимлар, Майкл Браун ва унинг илмий жамоси, аввалига Қуёш системаситдаги 10-сайёра деб ўйланган осмон жисмини кашф этди. Чунки у ўлчамлари ва массасига кўра, шу пайтгача 9-сайёра деб ҳисоблаб келинаётган Плутондан 27% га каттароқ эди. Бироқ, 2006 йилда Халқаро Астрономия Иттифоқи, бу осмон жисми юзасидан махсус қарор қбул қилди ва фанда янги термин «карлик сайёра» тушунчасини жорий қилди. Унга кўра, кашф этилганидан буён (1930 йил) одатий сайёралардан бири деб қаралган Плутон ва янги кашф этилган сайёра Эрида ана шундай сайёралар сифатида эътироф этилди. Яъни, 2006 йилдан буён Қуёш тизимида 9 та эмас, 8 та сайёра мавжуд деб қаралмоқда. Плутон ва Эрида сафига кейинчалик яна 3 та карлик сайёра таснифланди. Демак карлик сайёралар 5 та бўлди. Фильмда қайд этилган, «кометлар туғилиш жойи» ҳам, «Койтер тасмаси» эмас, балки, ундан анча ҳам нарироқдаги обьект – Тарқоқ диск эканлиги ҳозирда илмий исботланган. Эрида ҳам айнан ўша ҳудуд – Тарқоқ дискда ҳаракатланади.

Ушбу иккита мисолнинг ўзи, намойиш қилинган фильм анчайин эскирганини изоҳлаб турибди.

Юқоридаги маълумотларни, кўпчилик ҳали билмаслиги мумкин. Улар дарсликларга киритилдими йўқми билмайман. Лекин улар хақида, одамларни бохабар қилиш борасида энг самарали ахборот тарқатиш усули бу – айнан шундай кўрсатувлар бўлса керак деб ўйлайман. Чунки, ҳамма ҳам интернетга киравермайди, илмий китоб ёки журнални топиб ўқийвермайди, лекин жуда кўпчилик, хеч бўлмаганда бекорчиликдан бўлса ҳам телевизор кўради. Шунинг учун ҳам, фан ва техника ҳақида узатилаётган материалнинг аввало, ҳозирга давр талабига, таржима  сифати даражасига, қолаверса унинг матнидаги имло қоидаларига эътиборлироқ бўлиш керак.

Мен илмий-оммабом кўрсатувлар тахририяти ходимларининг айбини қидириб топмоқчи эмасман. Аксинча, шу каби ажойиб илмий-оммабом кўрсатувлар билан ўзбек телетомошабинини таъминлаб келаётганликлари учун беҳад миннатдорман. Айтмоқчиманки, кўрсатув тайёрлашда, айниқса таржима қилиб узатиладиган кўрсатувларда биринчи навбатда таржимон мутахассислар, қолаверса мухаррирлар эътиборлироқ бўлишса яхши бўларди...

Yangilаndi: 07.04.2018 12:51  
Maqola yoqdimi? Do'stlaringizga ham tavsiya qiling:

Mulohaza bildiring:


Mahfiy kod
Yangilash

Banner

Birliklar Konvertori

Birlik / Kattalik turini tanlang:
Qiymatni kiriting:

Natijaviy qiymat:

© Orbita.uz

Orbita.Uz tavsiya etadi:

Foydali havolalar:
Ilmiy-lugat.uz
Ilmiy-lugat.uz - Ilmiy terminlarning o‘zbekcha-ruscha-inglizcha lug‘ati, qisqacha izohi va amalda qo‘llanishi
Ziyouz.com
Ziyouz.com - O'zbek tilidagi eng katta elektron kutubxona.
http://tafsilot.uz/
tafsilot.uz - axborot-tahliliy sayt.
http://Gulruxsora.uz/
Jurnalist va blogger Gulruxsora Xudayberdiyevaning shaxsiy sayti
Oshxona.Uz
O'zbek Milliy Taomlari haqidagi ajoyib veb-sayt.

Kontent statistikasi

Foydalanuvchilar soni : 368
Kiritilgan mаqolalar soni : 792
O'qilgan sahifalar soni : 3294459

Tafakkur durdonalari

Ilm-Fan Taraqqiyotni yetaklovchi kuchdir!